Latest posts

Mitti Ko'prik
22 Sept, 15:45
Яна бир адабиёт шаҳрига келдим.Марказида 1500 дан ортиқ тарихий бино бор. 1579 йили ташкил этилган университети, қадимий черковлари, дарёлари ва яшил боғлари билан шаҳар жуда ўзига хос.600 мингдан ортиқ аҳоли яшайди, ҳудудининг қарийб 44 фоизи яшил майдонлардан иборат.Бу ерда ҳатто “Адабиёт кўчаси” мавжуд бўлиб, унда турли ёзувчи ва шоирларга бағишланган 200 дан ортиқ кичик санъат асари жойлашган.Дунёнинг қай бурчи?
Mitti Ko'prik
22 Sept, 14:56
Дорис Карева билан Эстония Ёзувчилар уюшмаси ёнидаги “Pegasus” ресторанида тушлик қилдик, кейин у мени уюшма жойлашган тарихий бинога олиб кирди.Бу бинода уюшма офиси, иккита журнал (биттаси болалар учун) таҳририяти, катта тадбирлар зали ва ёзувчилар яшайдиган хонадонлар бор. Уюшма раиси, шоира ва ёзувчи Марья Кангро билан ҳам танишдим.Эстония Ёзувчилар уюшмаси 1992 йилдан Европа Ёзувчилар кенгаши аъзоси. Денгиз бўйидаги Кясму қишлоғида ёзувчилар ва таржимонлар учун ижод уйи ҳам бор. Халқаро резиденциялар, фестиваллар ўтказиб туради.Менга, айниқса, бир гуруҳ ижодкорларнинг Европа бўйлаб поездда тур ташкил этгани, бир гал эса денгизда круиз саёҳати уюштиргани ёқди.
Mitti Ko'prik
21 Sept, 20:20
Танишинг: Дорис Карева!Эстон адабиётининг энг таниқли шоирларидан бири, таржимон ва муҳаррир. Ижодидан намуна “Қуш тили” антологиямизга ҳам киритилган.Бугун Таллинда у билан шахсан учрашиб, “Қуш тили”дан совға қилдим.Дорис Анна Ахматова, Беккет, Эмили Дикинсон, Румий ва Шекспир каби ижодкорларни эстон тилига таржима қилган. 1992–2008 йилларда UNESCO Эстония миллий комиссиясида бош котиб бўлиб ишлаган. Ҳозир “Looming” журнали муҳаррири.Суҳбатимизда у Навоий ижодини жуда қадрлаши ва асарларини эстон тилида ўқиганини айтди. Бу гапни эшитиб, бошим осмонга етди.
Mitti Ko'prik
21 Sept, 17:18
Ярим миллион аҳоли яшайдиган Таллиннинг Эски шаҳридаги тош кўчалардан юзлаб йиллар давомида қанча-қанча одамлар ўтган: савдогарлар, шоирлар, оддий шаҳарликлар, урушларни кўрган авлодлар…Бугун мен уларнинг изларини босиб, сайр қилиб юрибман.Қадимий шаҳарлар шу жиҳати билан қизиқки, унда деворлар ўзгармай туради, лекин улар атрофидаги ҳаёт бутунлай алмашиб кетади. Кеча бир тилда гаплашган одамлар турган жойда бугун бошқалар турфа орзулар қилади.Таллиннинг қарийб 2 километрига яқин ўрта аср девори ва 26 та мудофаа минораси ҳали ҳам сақланган.Ратуша майдонида эса 600 йиллик дорихона ҳали ҳам ишлаб турибди. Бунда ҳар тор кўча гўё “Мен ҳақимда ҳам ёз” деб тургандай.
Mitti Ko'prik
21 Sept, 09:04
Интернетдан эстон шеъриятидан ўзбекчага ўгирилган таржималарни топдим.МУҲАББАТ ГУЛИЮрагингда ўсмаган бўлса, Муҳаббат деб аталган бир гул. Бу покиза туйғу бобида Яхшиси шу: гапирмай тургил.Севиб қолсанг (бу-ку турган гап), Нақ жаннатга айланар олам. Кўз олдингда чор атроф яшнаб, Гуллар дала, тоғу тошлар ҳам.Биргина тун кифоя билсанг, Очилади муҳаббат гули. Сабр ила кут, сенинг учун ҳам Тонг отади албатта ҳали.(Нодира Абдуллаева таржимаси)Бошқа таржималар мана бу линкда:https://ziyouz.uz/jahon-sheriyati/eston-sheriyati/?utm_source=chatgpt.com
Mitti Ko'prik
20 Sept, 20:13
Яна бир зўр имкониятдан фойдаланинг!2026 йил 11–15 ноябрь кунлари Австралияда 3-Сидней халқаро шеърият фестивали бўлиб ўтади. Фестиваль муносабати билан “Global Muse Oceania” махсус сон тайёрламоқда ва дунё шоирларини ўз ижод намуналарини юборишга таклиф этмоқда.Мавзу доирасида Австралия маданияти ва тарихи, абориген халқлар овози, табиат ва манзаралар, миллий ва шахсий ўзлик каби йўналишларга бағишланган шеърлар қабул қилинади.Нима юбориш керак? — инглиз тилида 1 ёки 2 та шеър (ҳар бири 30 қаторгача) — қисқа биография — муаллиф суратиҚачонгача? 2026 йил 20 октябрьҚайси электрон почтага? gmeditornz@gmail.comМуваффақият нимадалиги эсингиздадир? Ҳа, топдингиз: яхши нарсаларни бошқалар билан ҳам бўлишишда! 😁
Mitti Ko'prik
20 Sept, 19:04
Танишинг: Надежда Валк!Филолог, ёзувчи, шоира, таржимон, ношир, Надежда 1989 йили асос солган “Диалог” (мулоқот)ни тил ўрганиш ва таржима маркази, нашриёт ва кўргазма зали сифатида юритиб келмоқда.У Эстония рассомларининг асарларини йиғиб, кўргазмалар ташкил қилади, ҳатто одатда галереяларга бормайдиган одамлар ҳам санъат билан яқинроқ танишиши учун офис ва квартира каби кичик жойларда тадбирлар ўтказади.“Диалог” бу ерда шунчаки ном эмас. Тил — мулоқот, китоб — хотира, санъат эса одамларни бир жойга тўплайди.
Mitti Ko'prik
20 Sept, 19:01
Фаҳмлаган бўлсангиз, ЮНЕСКО адабиёт шаҳарлари мен учун жуда қизиқ мавзу; бир кун келиб Ўзбекистонда ҳам шундай шаҳарга эришишда тажрибам асқотиб қолар.Айова, Сиэтл, Кожикод, Жакарта, Тоиф, Утреҳт, Прагани кездим. Бугун Тартудаман.Ана, автобус ойнасидан қараб, Таллин–Тарту йўлида булут юрак шаклига кирганини кўряпман. Гоҳо шундай митти белгилар қулоғимга “тўғри йўлдасан” дея пичирлагандек бўлади... 😁
Mitti Ko'prik
20 Sept, 18:14
Тартуда Ратушанинг “Очиқ эшиклар куни”га кириб қолдим. Ратуша — шаҳар ҳокимияти жойлашган, 17-асрда қурилган тарихий маъмурий бино.Унинг эшиклари маҳаллий аҳоли ва чет эллик меҳмонлар учун очиқ экан.Шаҳарни бошқарадиган одамлар қаерда ишлаши, йиғилишлар қаерда ўтиши, бинонинг ички қисми ва ҳатто чордоғигача кўриш мумкин.Ўзбекистонда ҳам шундай “Очиқ эшиклар куни” тез-тез ўтказилса, ҳокимият ва давлат идораларига кириб, хоналарни кўриб, томига чиқиб: “Ҳа, ҳокимлар ҳам шунақа оддий жойда ишларкан-ку”, деб қайтармидик? 😊Аслида, халққа яқинлик баландпарвоз гаплардан эмас, эшикни очиб қўйишдан бошланади.
Mitti Ko'prik
20 Sept, 18:00
Жуковский номидаги халқаро шеърият фестивалига Италия, Германия, Финляндия, АҚШ, Франциядан шоир, ёзувчи ва мусиқачилар йиғилди. Фестивалнинг шиори ҳам жуда илиқ: “Олам — дўстнинг чеҳрасидан таралган бир нур”.Бугун ёмғир шивалаб турган Тартуда фестиваль иштирокчилари билан бирга шеърлар ўқидик, шаҳар бўйлаб айландик.Фестиваль дегани шунчаки саҳна ва шеър ўқиш эмас, у ижодкорларни учраштириш, янги лойиҳаларга илҳомлантириш ва турли тиллардаги адабиётларни яқинлаштирувчи платформа ҳам саналади.
Mitti Ko'prik
20 Sept, 17:48
Эстониянинг иккинчи йирик шаҳри саналган Тарту Онадарё бўйида жойлашган, тарихи минг йилдан зиёд. Ўрта асрларда Тарту муҳим савдо ва маданият маркази бўлган, бугун эса кўпроқ университети, ёшлар муҳити, илм-фани билан таниқли.Тарту университети 1632 йилда ташкил этилган бўлиб, кўчалар, майдонлар, кафелар ва кутубхоналарда ёшлар, олимлар, ёзувчиларни учратиш оддий ҳол. 2024 йили Тарту Европа маданияти пойтахти мақомини ҳам олди.Эстон адабиёти тарихида ҳам унинг ўрни беқиёс. Шаҳар шеърият, таржима, адабий фестиваллар ва халқаро ижодий учрашувлар учун жонли майдондир.
Related Channels
Other channels in the same section of the catalogue.
